Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Шодлик” хусусий боғчасида икки тарбиячи бир болани йиғлатиб, жамоат олдида кечирим сўрашга мажбурлагани акс этган видео жамиятда кескин муҳокамага сабаб бўлди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумотига кўра, тарбиячи Н.А. машғулот вақтида болага нисбатан ноўрин сўзлар ишлатиб, педагог этикасига зид хатти-ҳаракат содир этган. Унга ва иккинчи тарбиячига нисбатан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, вилоят бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида педагогларнинг ахлоқий масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгиланган.