АсосийЖамият

Ўтган ойда гўшт нархи рекорд даражада ошди

Прогнозларга кўра, келаси ойда дон ишлаб чиқариш, истеъмол, захиралар ва савдо ҳажми ортиши мумкин.

'Ўтган ойда гўшт нархи рекорд даражада ошди'ning rasmi

Шакар ва сут маҳсулотлари нархлари тушиши ортидан жаҳон озиқ-овқат товарлари нархларининг асосий кўрсаткичи сентябрь ойида бироз пасайган. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботида эълон қилди.

Ҳисоботда маълум қилинишича, дон нархи август ойига нисбатан 0,6 фоизга пасайган. Бунга халқаро буғдой нархларига талабнинг пасайгани ва асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлардаги мўл ҳосил туфайли кетма-кет учинчи ой камайиши омили сабаб бўлган. Шунингдек, маккажўхори нархлари ҳам юқори таклиф ва Аргентинада дон экспортига солиқ вақтинча тўхтатилгани туфайли пасайган. Филиппин ва Африка мамлакатлари томонидан харидларнинг қисқариши гуруч нархи 0,5 фоизга камайишига олиб келган.

Малайзиядаги пальма мойи захираларининг юқорилиги ва Аргентинадан экспортга мўлжалланган соя мойи ҳажмининг ортиши ўсимлик мойлари нархининг 0,7 фоизга пасайишига олиб келган. Шу билан бирга, кунгабоқар ва рапс мойлари нархлари бироз ошган. 

Гўшт нархи август ойига нисбатан 0,7 фоизга ошиб, янги рекорд даражага чиққан. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга юқори. Ўсиш, асосан, қорамол ва қўй гўшти нархларининг ошиши билан боғлиқ бўлиб, чўчқа ва парранда гўшти нархлари деярли ўзгармаган. Нархнинг кескин тебраниши АҚШда ички таъминот чеклангани ва импорт учун қулай нарх билан боғлиқ.

Сут маҳсулотлари нархи ҳам 2,6 фоизга камайган. Халқаро сариёғ нархлари 7,0 фоизга тушган. Бу Шимолий яримшардаги музқаймоққа бўлган талабнинг камайиши ва Океанияда ишлаб чиқаришнинг ортишига боғлиқ. Қуруқ сут нархлари ҳам асосий импортёрлар томонидан талабнинг сусайиши ва экспортчилар ўртасидаги рақобат кучайиши туфайли пасайган. Пишлоқ нархи ҳам бироз тушган.

Бразилияда кутилганидан кўп шакар ишлаб чиқариш, Ҳиндистон ва Таиландда об-ҳавонинг қулай кечаётгани ҳамда экин майдонларининг кенгайгани сабаб шакар нархи август ойига нисбатан сентябрда 4,1 фоизга пасайган. Бу 2021 йил март ойига солиштирганда энг паст даражага тушган.

Прогнозларга кўра, келаси ойда дон ишлаб чиқариш, истеъмол, захиралар ва савдо ҳажми ортиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар