АҚШ собиқ президенти Жо Байден амалдаги президент Доналд Трамп ва унинг жамоасига Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасида эришилган тинчлик битими учун миннатдорлик билдирди. Байденнинг сўзларига кўра, Трамп жамоасининг воситачилиги минтақада кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган. Бу ҳақда “Zamon.uz” нашри хабар берди.
Байден бу ҳақда X (аввалги Twitter) платформасида ёзиб, “Президент Трамп ва унинг жамоасининг янги тинчлик битимини тузиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Уларнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари осон бўлмаган, аммо бу натижа гаровга олинган фуқаролар озод этилишига ва Ғазо аҳолиси учун умид пайдо бўлишига сабаб бўлди”, — дея таъкидлаган.
Тинчлик келишуви натижасида 20 нафар гаровдагилар озод этилди, Ғазога гуманитар ёрдам етказиш йўллари очилди. Байден, шунингдек, ўз маъмурияти ҳам бу жараённи қўллаб-қувватлаганини, халқаро ҳамкорлик ва дипломатия минтақа барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Трамп маъмурияти вакиллари, хусусан, Яқин Шарқдаги воситачилик гуруҳлари, Қатар ҳукумати ва Исроил ҳамкорлари билан биргаликда музокараларда муҳим роль ўйнаган. Улар Исроил ва Фаластин ўртасидаги кескинликни камайтириш, гаровдагиларни озод этиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган.