Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзияда Уругвай миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди ва Фабио Каннаваро бош мураббийлиги остидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.
Ўйиннинг биринчи бўлими деярли тенг курашлар остида ўтди. Икки жамоада ҳам гол уруш учун имкониятлар бўлди, бироқ ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлимни “оқ бўрилар” анча фаол бошлади. Бироқ Уругвай қарши ҳужумда ўйнаб бир неча бор голга яқин келди. Хусусан, баҳснинг 51-дақиқасида Уругвай футболчиси Фокундо Торрес ҳисобни очди. Ўзбекистонликлар ушбу голга жавоб беришга ҳаракат қилиб, бир нечта ҳужумлар уюштирди. Аммо 60-дақиқада Хуан Санарбия жанубий америкаликлар ҳисобига яна бир гол ёздириб қўйди.
Ниҳоят, учрашувнинг 81-дақиқасида “оқ бўрилар” ҳам ўз мақсадига эришди. Русланбек Жиянов уругвайликлар дарвозасини ишғол қилиб, орадаги фарқни қисқартирди – 1:2. Шу тариқа ўйин якунигача таблодаги ҳисоб бошқа ўзгармади ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бош мураббийлиги остидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.