АсосийСпорт

Отабек Шукуров фаолиятини БАА жамоасида давом эттиради

“Bani Yas” клуби директори Саййид Сақр ал-Мускари ўзбекистонлик футболчи Шукуров билан шартнома имзолаганини эълон қилди.

'Отабек Шукуров фаолиятини БАА жамоасида давом эттиради'ning rasmi

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров Бирлашган Араб Амирликларининг “Бани Яс” жамоаси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Бани Яс” клуби ўзининг футбол бўлими ижрочи директори Саййид Сақр ал-Мускари иштирокида ўзбекистонлик футболчи Шукуров билан шартнома имзолаганини эълон қилади. Шукуров Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган ярим ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. У ўз фаолияти давомида Туркия чемпионатида – “Кайсериспор” жамоаси сафида тўп сурган, шунингдек, БААнинг “Шаржа” клубида ҳам муҳим тажрибага эга бўлган. Кейинчалик “Ал-Файҳа” сафида ўйнади. Бундан ташқари, футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 80 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган”,— дейилади клуб хабарида.

Шукуров сўнгги бор Саудия Арабистонининг “Ал-Файҳа” жамоаси шарафини ҳимоя қилганди. Жорий йилнинг ёзида шартномаси якунлангач, жамоани эркин агент сифатида тарк этган. Шундан сўнг, жароҳатини даволаш мақсадида Россияда бир муддат даволанди. Футболчи шу кунга қадар якка тартибда машғулотлар ўтказаётган эди.

 

    Бошқа янгиликлар