Тошкентда 11 ёшли қизнинг ток уриб вафот этганидан сўнг, унинг онаси эрини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Билдирилишича, аёл Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ, 2024 йил 30 май куни Тошкент шаҳри Миробод туманида 11 ёшли Н.А. укасининг ўйинчоғини олиб тушиш учун дўкон томига чиққан ва электр токига урилиб, воқеа жойида вафот этганди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам алоҳида жиноят иши қўзғатилган.