Шимолий Корея илк бор расман Россия учун Украинага қарши жанг қилиш учун ўз аскарларини юборганини тасдиқлади.
Корея Халқ Демократик Республикаси Давлат ахборот агентлиги (KCNA) тарқатган хабарга кўра, Пхеньян армияси етакчи Ким Чен Иннинг буйруғи асосида Россия кучларига Курск чегараолди ҳудудини "тўлиқ озод этишда" ёрдам берган.
Пхеньяннинг ушбу баёноти Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимовнинг Шимолий Корея аскарларининг "қаҳрамонлигини" мақтаб гапирганидан бир неча кун ўтгач эълон қилинди. Бу Москва томонидан уларнинг иштирокини илк бор очиқ тасдиқлаш ҳисобланади.
Ғарб расмийлари аввалроқ BBC га маълум қилишича, Шимолий Кореядан юборилган 11 минг аскардан камида 1 000 нафари уч ой ичида ҳалок бўлган.
Герасимов, шунингдек, Москва мамлакатнинг ғарбий қисмидаги Курск вилояти устидан тўлиқ назоратни қайта тиклаганини иддао қилди, аммо бу маълумот Украина томонидан рад этилди.
АҚШ расмийларининг баёнотига кўра, Шимолий Корея эндиликда урушни давом эттириш учун масъулиятни ўзига олиши лозим.
Жанубий Корея ва Ғарб разведка хизматлари бир неча ой аввал Пхеньян ўтган йили Курскка минглаб аскар юборганини хабар қилган эди. KCNA’нинг таъкидлашича, аскарларни юбориш қарори Пхеньян ва Москва ўртасидаги ўзаро мудофаа шартномасига мувофиқ қабул қилинган.
"Адолат учун курашган ҳар бир аскар қаҳрамон ва она ватани шарафининг вакилидир", — деган Ким Чен Ин, KCNA хабарига кўра.
Шунингдек, Шимолий Корея ва Россия Курскда "иттифоқ ва биродарлик"ни намоён қилгани, "қон билан мустаҳкамланган дўстлик" эса ҳар томонлама муносабатларни кенгайтиришга катта ҳисса қўшиши қайд этилди.
KCNA маълумотига кўра, Пхеньян келажакда ҳам Россия армиясини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бундан ташқари, KCNA Курскдаги миссия тугагандан кейин Шимолий Корея аскарлари қандай тақдир кутётгани ва улар ватанига қайтадими-йўқми, бу ҳақда маълумот бермади.
Шимолий Корея аскарларининг Россия сафида урушда қатнашгани ҳақидаги хабарлар илк бор ўтган октябрда тарқалган эди. Бироқ Россия томони ҳар доимгидек буни инкор қилган эди. Бу Ким Чен Ин ва Владимир Путин ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланганидан сўнг юзага келди. Ўша пайтда икки етакчи "таҳдид ҳолатида бир-бирини қўллаб-қувватлаш" ҳақида келишув имзолаган эди.
Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, Шимолий Кореядан юборилган аскарлар асосан "Бўрон корпуси" (Storm Corps) деб аталувчи "элита" бўлинмаларидан бўлса-да, улар замонавий уруш талабларига тайёр эмас.
"Бу аскарлар етарли даражада тайёргарликка эга эмас ва уларни бошқарувчи рус зобитларининг буйруқларини ҳам яхши тушунмайди", — деган эди Британия армияси собиқ танк командири полковник Ҳамиш де Бреттон-Гордон йил бошида.
Шунга қарамай, Украина қуролли кучлари қўмондони генерал Александр Сирский аввалроқ шимолий кореялик аскарлар фронтда украин жангчилари учун жиддий муаммо туғдираётганини қайд этган эди.
"Улар жуда кўп сонли. Улар сафида 11–12 мингга яқин юқори мотивацияга ва тайёргарликка эга аскарлар бор. Улар ҳужум тактикаларини амалга оширишяпти ва асосан совет даври услубида ҳаракат қилишмоқда. Улар сон жиҳатжан кўпчилик эканлигига таянишади", — деган эди генерал Украинадаги TSN Tyzhden дастурига берган интервьюсида.
Абдуллоҳ Саййид