Лола Каримова-Тиллаева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида асос солинган фонднинг биринчи лойиҳаси ҳақида маълум қилди.
“Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган иккита умумтаълим мактаб қайта таъмирлаш ишларидан сўнг ўқувчилар учун ўз эшикларини очди. Мазкур мактаблардаги капитал реконструкция ишлари ‘Sen Yolg’iz Emassan’ Фонди томонидан амалга оширилган эди, аммо отамнинг хотираларини ёдга олиб ва холис ниятларимиз рамзи сифатида ушбу хайрли ишни биз Ислом Каримов Фондининг биринчи лойиҳаси сифатида тақдим этмоқчимиз.
Беш гектарга тенг умумий майдонда жойлашган 5- ва 43-сонли мактабларни таъмирлаш ишлари Фонд томонидан мазкур йилнинг май ойида бошлаб юборилган эди. 1961 ва 1980 йилларда қурилган иккала мактабнинг бинолари жуда эскирган бўлиб, анча ёмон аҳволда эди. Қайта таъмирлаш ишлари биноларнинг деворлари ва фундаментини мустаҳкамлашдан бошлаб юборилди. Қўшимча қилиб мажлислар ва спорт заллари, мактаб ҳовлиларида футбол, волейбол, баскетбол, гандбол ва теннис майдончалари барпо этилди.
341та бола таҳсил олаётган 43-мактаб учун қўшимча 5та ўқув синфлари қуриб битказилди. Энди ўқувчилар қўшни мактаб синфларида эмас, балки ўз мактабларида бемалол дарс ўтишлари мумкин. 711та ўқувчига эга 5-мактаб учун янги гимнастика зали ва ошхона барпо этилди.
Барча корпусларнинг девор ва пойдеворлари мустаҳкамланиб, хоналарни иситиш ва канализация тизимлари янгиланиб, сув қувурлари ва ёнғин ҳавфсизлиги тизими ўтказилди.
Мактабдаги ўқув ва маъмурий хоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланиб, компьютер техникалари билан таъминланди. Кимё, физика, биология, информатика, меҳнат хоналари ҳам зарур анжомлар билан жиҳозланди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Ислом Каримов Фонди номидан барча ўқувчи, мураббий ва ота-оналарни мактабларнинг очилиши билан чин дилдан самимий қутлайман. Барчамизга маълумки инсоннинг келажагига пойдевор айнан мактабда солинади. Бу икки маскан кўплаб иқтидорли йигит ва қизларни етиштиради деб астойдил умид қиламан. Таълим жараёни самарали кечиши учун биз бу ерда барча қулай шароитларни яратишга ҳаракат қилдик. Ушбу мактаблар битирувчилари билан ҳали бутун Ўзбекистонимиз фаҳрланишига тилакдошман. Оқ йўл сизга, азиз болалар!
Ислом Каримов жамоатчилик хайрия фондига Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида асос солинган.
Ислом Каримов Фондининг бирламчи вазифалари мамлакатимиз ҳамда ҳорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.
Фонд томонидан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга оширилади”,—деб ёзди Лола Каримова-Тиллаева.





