2024 йил 10 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан Омбудсман номига 158 та шикоят келиб тушди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова брифингда маълум қилди.
Билдирилишича, шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 52 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган. 62 та шикоят юзасидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланилган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Алоҳида таъкидлаш жоизки, руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та хабарлар ўрганилиб, бу бўйича 14 та муносабат билдирилган. Мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 12 та талабномаси киритилган”, дейди Фотима Мадраҳимова.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида ўтказилган мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликлар бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 56 нафар ходимга “ҳайфсан” берилган, 2 нафар ходим жаримага тортилган, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.






