Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Юнусобод тумани “Собиробод” маҳалласида бўлди ва у ердаги озиқ-овқат дўконларидан биридаги маҳсулотларнинг сифатини текширди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизматининг ёзишича, ташриф давомида ечимни талаб қиладиган бир нечта жиддий камчиликларга эътибор қаратилган. Бунда инфратузилмани ривожлантиришга ва аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишига тўсқинлик қилаётган ноқонуний қурилмалар аниқланган.
“Уларнинг мавжудлиги зудлик билан аралашувни ва қонунчиликка мувофиқлаштиришни талаб қилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, маҳалладаги савдо объэктлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермаслиги, айниган сабзавот ва мевалар сотилаётгани аниқланган.
“Бундан ташқари, маҳалла кўчалари чиқинди билан ифлосланиб, санитарияга зид шароитларни юзага келтирмоқда. Бунда ахлатни белгиланмаган жойларга ташлаган аҳолининг ўзи ҳам масъул экани таъкидланди. Бундан ташқари, чиқиндиларни йиғиш жойлари етишмайди, бу эса муаммони янада чуқурлаштиради. Қурилиш чиқиндилари ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳудуднинг ташқи кўринишини ёмонлаштириб, ҳаракатланишга тўсқинлик қилмоқда. Маҳаллада дарахтларнинг қуруқ шохлари кесилмаган, бу эса, айниқса, шамолли об-ҳавода шохларнинг одамларнинг устига тушиши ва жароҳат олиш хавфини келтириб чиқаради.
Ариқлар чиқиндига тўла бўлиб, дренаж тизимларини ифлослантиради ва ёғингарчилик мавсумида сув тўпланишига олиб келади. Бу сув тошқини ва санитария шароитининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин”, дейилади хабарда.
Ҳокимлик хабарига кўра, савдо объектлари санитария-эпидемиология ва ёнғин меъёрларига жавоб бермайди. Бу эса аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Бундан ташқари, дўконларда айниган сабзавот ва мевалар сотилмоқда, бу ҳам қатъий назоратни талаб қилади.
Бир кун аввал интернетда ҳоким дўконлардан бирига ташриф буюргани акс этган видео пайдо бўлди. Унда Шавкат Умурзоқов Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиевга мурожаат қилиб, сифати бузилган ўрикни кўрсатган.
https://t.me/darakchiuzlive/15745
Шунингдек, ташриф давомида 259-сонли мактабдаги капитал реконструкция жараёни ҳам ўрганилган. Ҳоким ўқувчиларга таълим олишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш зарурлигига эътибор қаратди.






