АсосийJamiyat

Самарқанд шаҳрида Халқаро экологик оромгоҳ иш бошлади

'Самарқанд шаҳрида Халқаро экологик оромгоҳ иш бошлади'ning rasmi

Самарқанд шаҳрида Халқаро экологик оромгоҳ иш бошлади, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги.

Жорий йилда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон экология фаоллари сафига Озарбайжон, Венгрия ва Туркиядан келган иштирокчилар қўшилди.

Ташкилотчилар "Замин" халқаро жамоат фонди, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, ЮНИCEФ, БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти.

Тадбирдан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига қарши курашда ёшларнинг ролини ёритиш, ёш экологик фаолларга ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суриш имкониятини бериш, мазкур ҳудудларда ёшлар экологик ҳаракатининг интеграциялашувига кўмаклашишдан иборат.

Оромгоҳ доирасида семинарлар, халқаро экспертлар билан иқлим кун тартибидаги долзарб мавзулар бўйича мунозаралар бўлиб ўтади. Шунингдек, СОР-29 кўргазмасида мамлакатлар тақдим этишни режалаштираётган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, уларда ёш эко-раҳбарлар иштирок этиши масалаларига эътибор қаратилади.

Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетида иштирокчиларни фаол гуруҳ машғулотлари, маҳорат дарслари ва экологик лойиҳалар муҳокамаси кутмоқда. Тошкент шаҳрида эса иштирокчилар экомактаблар ва "Green University"га ташриф буюриб, экология соҳасидаги етакчи мутахассисларнинг маърузаларини тинглашади.

Бундан ташқари, тадбир дастуридан Самарқанднинг тарихий диққатга сазовор жойлари — Гўри Амир мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Мирзо Улуғбек расадхонасига ташриф ҳам ўрин олган.

Тадбир 30 июнга қадар давом этади.

    Бошқа янгиликлар