Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тўйтепадаги "Ўзбекнефтгаз"га қарашли "заправка"дан бензин олгани борган собиқ депутатлар Қобул Дўстов ва Жаҳонгир Тўлагановлар Ai-80 бензинни Ai-92 қилиб сотишаётганини айтиб чиққан видео тарқалган эди.
Энергетика вазирлиги ҳолатни ўрганди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Хабарга кўра, жорий йилнинг 15 декабрь куни соат 21:30 лар атрофида ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри Тошкент йўли кўчасида жойлашган “UNG Петро” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Тўйтепа” номли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида сотилаётган автобензин бўйича эътирозли видеолавҳа тарқалди ва ушбу мурожаатдан хабар топган ва айнан ўша вақтда бошқа бир ҳудудда ўрганиш олиб бораётган Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, “Ўзенергоинспекция” бошлиғи И.Ниматуллаев ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Б.Сидиков ҳолатни тўғри ва холисона баҳолаш учун воқеа жойига зудлик билан етиб борган.
Ж.Тўлаганов ҳамда Қ.Дўсовга қўнғироқ қилиниб, уларнинг иштирокида “Ўзенергоинспекция” Тошкент назорат-кимё лабораторияси томонидан бензиндан таҳлил учун намуналар олиниши айтилганида, улар бу таклифни рад этишди.
Шундан сўнг холислар ва гувоҳлар иштирокида блогер “АИ-80 қуйиляпти”, деб тахмин қилган АИ-92-русумли ҳамда АИ-80 русумли автобензиндан ўрнатилган тартибда сифат таҳлили учун намуналар олинди.
Олинган намуналар “Ўзэнергоинспекция” Тошкент назорат-кимё лабораториясида сифат таҳлилидан ўтказилди.
Лаборатория таҳлили блогер “АИ-80 русумидаги бензин”, деб гумон қилган бензиндаги октан сони 92,3 эканлигини кўрсатди. Бу миқдор АИ-92 русумидаги бензин учун хос.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мазкур воқеани шундай қолдирмайди ва ижтимоий тармоқ орқали ёлғон маълумот тарқатиб, одамларни чалғитган, ноҳақ айблов орқали компания имиджига ҳамда AYQSHларда меҳнат қилаётган ходимлар шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказган блогерга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини сўраб ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга мурожаат қилишини билдиради, дейилади хабарда.






