Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 декабрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мамлакат мустақиллиги куни муносабати билан табрик телеграммаси йўллади.
"Ўтган давр мобайнида дўст Қозоғистон Республикаси турли соҳаларда улкан ўзгаришлар ва туб ислоҳотларни бошидан кечирганини, мамлакатингизнинг халқаро майдондаги ҳурмати ва нуфузи тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидламоқчиман", - дейилади табрик телеграммасида.
Қолган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳам Тўқаевга табрик йўллаган. Хусусан, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Янги Қозоғистонни барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар жамият томонидан юқори баҳоланишига ишонч билдирган. Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон қардош қозоқ халқига тинчлик, фаровонлик ва янада тараққиёт тилаган. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Қозоғистон ва Туркманистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари боғлаб туришини таъкидлаган.






