АсосийJamiyat

Кенг аудитория учун очиқ панель сессиялари…

'Кенг аудитория учун очиқ панель сессиялари…'ning rasmi

Кеча хабар берганимиздек, Тошкентда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик” мавзусидаги халқаро илмий конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Унинг ташаббускори ва ташкилотчиси Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлиб, анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва Туркий давлатлар ташкилоти кўмагида ўтказилмоқда.

Глобал геосиёсий вазиятдаги жараёнлар таъсирида халқларнинг онг-шуурида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистондаги ёш авлоднинг миллий тарихимизни ўрганишга бўлган талабининг ошиши конференциянинг долзарб аҳамиятини белгилаб беради.

Ўзбекистон Президенти ўз чиқишларида бер неча бор таъкидлаганидек, ўз замонасининг илғор вакили бўлмиш жадидлар ўта мураккаб бир шароитда миллий уйғониш ва тараққиёт ғояси билан майдонга чиқдилар, уларнинг ташаббуслари ва эзгу амаллари жамиятда чуқур акс-садо берди, қудратли кучга айланди. Қолаверса, давлатимизраҳбари жадид боболаримизнинг гуманистик ғояларини юксак баҳолар экан, эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришда уларнинг тамойилларига таянишимиз лозимлигини қайд этган.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирокчиларни қутлаб, чиқиш қилди. Турли мамлакатлардан конференцияга ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдириб, мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттириш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади.

– Жадидларнинг ғоялари, уларнинг орзу-интилишлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатида ўз аксини топмоқда, десак ҳақиқатдир. Президент етакчилигидаги Янги Ўзбекистон жадид боболаримиз орзу қилганидек, дунёвий ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини бунёд этиш, сифатли таълим тизимини яратиш, сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш йўлидан дадил одимламоқда.

Саида Мирзиёева алифбони ислоҳ қилиш масаласининг аҳамиятига ҳам эътибор қаратди.

– Ўтган йиллар давомида миллий алифбомизни ислоҳ қилиш борасида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Аммо масала ҳамон очиқ турибди.

Аммо эътиборингизни бир нарсага қаратаман. Биз бундай масалалардаги тортишувларимизни чексиз давом эттиравермасдан, йўл қўйилган бу жиддий хатоликни дарҳол тузатиш учун тезроқ бир қарорга келишимиз шарт. Ахир гап миллатимиз, ғуруримиз, мамлакатимиз номи ҳақида бормоқда.

Конференция ишида Туркий тилли давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Халқаро туркий маданият ташкилоти – Турксой Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий академия президенти Шаин Мустафоев, Туркий маданият ва мерос халқаро жамғармаси президенти Актота Раимқулова ҳамда АҚШ, Германия, Нидерландия, Озарбайжон, Туркия, Швеция, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Япония сингари мамлакатлардан таниқли олимлар қатнашмоқда.

Анжуманда қуйидаги масалалар муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди:

– жадид маърифатпарварларининг ғояларини концептуал жиҳатдан ўрганиш, таҳлил ва муҳокама қилиш ҳамда уларни тизимлаштириш;

– жадидлар томонидан ХХ асрнинг биринчи чорагида яратилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш орқали уларнинг Туркистонда миллий давлатчилик ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш;

– жадидлар фаолияти ва ғояларини дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият бунёд этиш нуқтаи назаридан кўриб чиқиш;

– Янги Ўзбекистонни давлатчиликни шакллантириш борасида жадидларнинг ғоявий жиҳатдан меросхўри сифатида намоён этиш.

Конференция доирасида жадидлар ва умуман, жадидчилик ҳаракати: унинг туғилиши, ривожланиши, қадриятлар учун курашиши, бостирилиши ва Янги Ўзбекистон замонида ушбу ғояларнинг қайта дунёга келишига бағишланган “Хотира йўлаги” экспозицияси тақдим қилинди.

Конференция бугун, 12 декабрь куни ўз ишини давом эттирмоқда. Унда бир вақтнинг ўзидаги сессиялардаги муҳокамалар, шунингдек, ёшларни жалб қилган ҳолда, кенг аудитория учун очиқ панель сессияларини ўтказиш кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар