АсосийJamiyat

Адлия органларига янги ваколат берилмоқда

'Адлия органларига янги ваколат берилмоқда'ning rasmi

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама марказида бўлди.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда интеллектуал мулк объектларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлашга ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда аҳолига профессионал хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув аппаратини яратиш, аҳолининг ҳуқукий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг тутган ўрни ва масъулиятини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг зиммасига интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.

Шунингдек, ушбу соҳадаги ислоҳотларни инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларни янада такомиллаштириш, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим тоифадаги давлат хизматларини кўрсатишда тақдим этиладиган имтиёзларни қонун даражасида мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Қонун амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ишлаб чиқилган, Интеллектуал мулк ҳамда Давлат хизматлари агентликларининг вазифа, функция ва ваколатлари Адлия вазирлигига ўтказилганлигини инобатга олиб, вазирликнинг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, мазкур Қонун билан Божхона кодексига киритилаётган ўзгартириш орқали эндиликда экспорт режимида ҳам интеллектуал мулкни ҳимоя қилиниши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддати қисқартирилмоқда.

Адлия органларига интеллектуал мулк ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколати берилмоқда.

Бундан ташқари, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланмоқда.

Муҳокамада Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши давлат хизматлари сифатини оширишга ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва ушбу соҳаларда самарали марказлаштирилган бошқарув тизимини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

    Бошқа янгиликлар