АсосийDunyo

6 йилдан бери Қозоғистонда тутқунликда ушлаб турилган ўзбекистонлик эркак ватанга қайтарилди

'6 йилдан бери Қозоғистонда тутқунликда ушлаб турилган ўзбекистонлик эркак ватанга қайтарилди'ning rasmi

Жорий йил 16 май куни Ishonch.uz ахборот порталида журналист Анваржон Ҳалимов қаламига мансуб "Қуллик: Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро 6 йилдан бери тутқунликда ушлаб турилибди" сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи А.А.ни қўшни аёл Қозоғистонга чақириб, алдов йўли билан аллакимга сотиб юборгани ва шу тариқа бедарак йўқолганига оид маълумот келтирилганди.

Ўзбекистоннинг Олмаота  шаҳридаги Бош консуллиги ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакили, "Сана Сизем" нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) ва Туркистон вилояти полиция департаментининг Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда фуқаро А.А. қидирувга берган эди. Шу йил 11 сентябрь куни юртдошимизни Туркистон вилоятининг Ордабаси тумани полицияси кўмагида излаб топишга муваффақ бўлинди.

Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида у "Сана сизем" ННТ томонидан ётоқ-жой ва озиқ-овқат билан таъминланди. Шунингдек, А.А.нинг аризаси назоратга олиниши юзасидан Бош консуллик томонидан Қозоғистоннинг тегишли ташкилотларига мурожаат қилинди.

Сўнгра юртдошимизга Бош консуллик ватанга қайтиш гувоҳномасини берди ҳамда "Сана Сизем" ННТ ходими билан ҳамроҳликда у "Жибек жолы - Ғишт кўприк" чегара ўтказиш пункти орқали мамлакатимизга қайтарилди.

    Бошқа янгиликлар