Ливан урушга киришмоқчи эмас, лекин бу борада Ҳизбуллоҳдан ҳали ҳеч қандай кафолат олмаган. Бу ҳақда Ливан бош вазири Нажиб Микати Ливан телеканалларидан бирида маълум қилди.
Ливан бош вазири Ливан учун асосий нарса ишонч ва барқарорликни сақлаш эканини таъкидлади.
"Бироқ, вазият доимий равишда ўзгариб бораётгани боис, воқеалар ривожи бўйича мен икки томондан ҳам кафолат олмадим", деди Микати.
Ливан Бош вазири Исроил Ҳизбуллоҳга қарши провокацион ҳужумларини тўхтатиши кераклигини таъкидлади. "Чунки Ливан урушга киришни истамайди", деди у.
Исроил-Фаластин можаросининг кучайиши фонида Исроил-Ливан чегарасида мураккаб вазият юзага келди.
Сўнгги пайтларда бу ҳудуд Исроил армияси ва Ливан Ҳизбуллоҳи ўртасидаги ўзаро ҳужумлар саҳнасига айланди.
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда “Темир қиличлар” операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 2200 дан ортиқ фаластинлик ва 1300 исроиллик ҳалок бўлди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторига сув ва электр таъминотини тўсиб қўйган ва бу 2007 йилдан бери блокадада бўлган минтақадаги турмуш шароитини янада ёмонлаштирган.






