Фаластин президенти Маҳмуд Аббос жума куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашади. Бу ҳақда Фаластин фуқаролик ишлари вазири, Фаластин озодлик ташкилоти ижроия қўмитаси котиби Ҳусайн ал-Шайх маълум қилди.
Расмий Х ижтимоий тармоғида (собиқ Тwиттер) “Фаластин раҳбариятининг ҳалокатли урушни тугатиш бўйича 24 соатлик саъй-ҳаракатлари доирасида” Фаластин раҳбари пайшанба куни Амманда Иордания қироли Абдулла II билан учрашишини ёзди.
“Президент жума куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ҳам учрашиши режалаштирилган”, — дея қўшимча қилди ал-Шайх.
Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаментидаги манбанинг маълум қилишича, Блинкен Исроил ва Иорданияга қилган ташрифларидан сўнг Яқин Шарқдаги бир қатор бошқа мамлакатларга ҳам ташриф буюриш ниятида. Давлат котиби одатда Фаластин раҳбари билан учрашадиган Ғарбий Соҳилга ташриф буюриши даргумон, манба даъво қилмоқда.
Блинкен Исроилга учишдан олдин Вашингтон яқинидаги Мериленд штатидаги Эндрюс армияси базасида журналистлар билан суҳбатда, Қўшма Штатлар кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда Исроилга қарши ҳар қандай тажовузни олдини олишга фаол ҳаракат қилиш ниятида эканини айтди. Бундан ташқари, АҚШ Давлат котиби Вашингтон Исроилга фавқулодда ҳарбий ёрдам кўрсатишни аллақачон бошлаганини ва бу билан тўхтаб қолиш ниятида эмаслигини тасдиқлади.
7 октябрь куни Ғазо секторидан Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати жангарилари Исроил ҳудудига қуролли кириб келганидан кейин Яқин Шарқдаги вазият кескин ёмонлашди. ҲАМАС бу ҳужумни Исроил расмийларининг Қуддусдаги Ибодатхона тоғидаги Ал-Ақсо масжидига қарши ҳаракатларига жавоб деб ҳисоблайди. Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокадага олганини эълон қилиб, унга ҳамда Ливан ва Суриянинг айрим ҳудудларига зарба бера бошлади. Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилда ҳам содир бўлмоқда. Фаластинликлар орасида 1,1 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди ва деярли 5,6 минг киши яраланди, исроилликлар орасида - 1,5 минггача ҳалок бўлди, деярли 4 минг киши яраланди.






