Аввалроқ, Тошкент вилоятида божхона ходимлари гумонланувчига электрошокер қўллагани ва уни калтаклагани ҳақида хабар берган эдик.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти божхона бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2023 йил 3 октябр куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.
Натижада, фуқаро Э.Э ва унинг бошқа жиноий шериклари интернет ижтимоий тармоғи орқали гиёҳвандлик воситаларини доимий тарзда ёшларга сотиб келганлиги ҳақида маълумотлар олиниб, уларнинг навбатдаги жирканч қилмиши яъни, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги турли ҳудудларга гиёҳвандлик воситаларини кичик бўлакларга ажратган ҳолда яшириб жойлаштирган вақтида, оғирлиги 24,05 грамм гиёҳвандлик моддалари билан ушланиб, тадбир иштирокчилари томонидан уларнинг ушбу жиноий қилмиши тўхтатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган иш ҳужжатлар тергов органларига юборилган.
Ўз навбатида, тезкор тадбир давомида ёки ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида фуқаро Э.Эргашев ва бошқаларга нисбатан ҳеч қандай руҳий ва жисмоний тазйиқлар ўтказилмаганлигини ҳамда махсус восита-электрошокер божхона органлари ҳисобида мавжуд эмаслиги айтилди.
"Тошкент вилояти божхона бошқармаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади", - дейилади хабарда.






