АсосийJamiyat

Ўзбекистон Миллий университетида Москва Давлат университети билан ҳамкорликда Стратегия кафедраси ташкил этилади

'Ўзбекистон Миллий университетида Москва Давлат университети билан ҳамкорликда Стратегия кафедраси ташкил этилади'ning rasmi

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кучли ижтимоий-иқтисодий салоҳият шаклланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан беш муҳим йўналиш бўйича “Ўзбекистон-2030» миллий ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Мазкур янги стратегияни амалга ошириш учун мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш зарур.

Ҳозирги кунда кузатилаётган глобал, миллий ва ҳатто минтақавий иқтисодий ҳамда ижтимоий тенденциялардаги ўзгаришлар бошқарув ва қарорларни қабул қилишнинг барча даражаларида комплекс стратегик ёндашув қўлланишини талаб қилади. Стратегик мазмундаги ҳужжатлар мамлакат даражасида ҳам, тармоқ ва ҳудудлар миқёсида ҳам, қатор миллий корпорацияларда ҳам ишлаб чиқилаётганига қарамай, улар стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ягона методологияси асосида янада такомиллаштиришга муҳтож.

Бунинг учун профессионал стратег-мутахассислар тайёрлаш тизимини яратиш зарур. Ушбу мақсадга эришиш учун мамлакатимизнинг етакчи университети – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Иномжон Мажидов академик Владимир Квинт билан учрашуви давомида Миллий университетда Стратегия кафедрасини яратиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

ЎзМУ Стратегия кафедрасининг услубий ва илмий-педагогик базасини шакллантириш учун Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг 17 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб, профессионал стратеглар авлодини тайёрлаб келаётган кафедраси тажрибасидан фойдаланишга қарор қилинди.

Ўз навбатида, Россия стратегия мактабининг асосчиси, стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси бўйича дунёдаги энг йирик мутахассис, академик Владимир Лвович Квинт Ўзбекистонда ташкил этилаётган Стратегия кафедрасини илмий раҳбар сифатида бошқаришга тайёрлигини тасдиқлади. Академик В.Л. Квинт томонидан ишлаб чиқилган стратегия назарияси ва стратегиялаш методологияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида ва сўнгги 15 йил ичида Россияда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиётида ҳам, ўқув жараёнларида ҳам муваффақиятли қўлланилмоқда.

Амалий стратегияларни ишлаб чиқиш ва стратегияни фан сифатида ишлаб чиққани учун В.Л.Квинт бир қатор мукофотлар, жумладан, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган, “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” фундаментал илмий иши учун эса 2023-йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланган. Россия Президенти В.В.Путин Владимир Львовичнинг хизматларини эътироф этиб, юксак давлат мукофоти – Александр Невский ордени билан тақдирлади.

Профессионал стратегларни тайёрлаш дастури стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнининг турли жиҳатларини очиб берувчи услубий асослардан тортиб тармоқ, ҳудудий, корпоратив стратегия, стратегик етакчилик ва инсон ресурсларини стратегик бошқариш каби 35 та фанни ўз ичига олади. Стратегия кафедраси дастури бўйича таҳсил олувчи талабалар иқтисодий, молиявий ва технологик стратегия асослари бўйича тўғридан-тўғри ушбу илмий мактаб асосчисидан, шунингдек, миллий, тармоқ, ҳудудий ва корпоратив даражадаги минтақавий стратегияларни ўқитиш ва ишлаб чиқиш тажрибасига эга бўлган етакчи мутахассислардан сабоқ олиш имкониятига эга бўладилар.

Стратегия кафедрасининг ташкил этилиши давлат хизмати учун ҳам, мамлакатимиздаги компаниялар учун ҳам профессионал стратегларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Миллий университетини Ўзбекистонда етакчига айлантиради.

    Бошқа янгиликлар