Шавкат Мирзаев байрам нутқида жамиятда аёлларнинг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.
"Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, “хотин-қизлар – бу миллат оналаридир”. Улар миллатнинг янги насли – фарзандларини тарбиялаш учун ўзлари ҳам юксак билимли бўлишлари зарур.
Шундай экан, олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас.
Маълумки, муҳтарама аёлларимиз зиммасида хизмат соҳасидаги вазифасидан ташқари, фарзандлар тарбияси, оилада соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ахлоқий-маънавий анъаналарни давом эттиришдек мураккаб вазифалар ҳам бор. Шундай экан, меҳрибон опа-сингилларимизни ҳар қанча қўллаб-қувватласак, арзийди.
Мана, бу йил оиладаги зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз" деди Президент






