InsuResilience Solutions Fund (ISF) халқаро жамғармаси Ўзбекистонда боғдорчилик ва сабзавотчилик маҳсулотларини етиштиришда иқлим билан боғлиқ хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш бўйича суғурта маҳсулотларини яратиш ва жорий этишни молиялаштирмоқда.
Мазкур лойиҳа Суғуртани ривожлантириш форуми (Sug‘urtani rivojlantirish forumi (IDF) аъзолари, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Ҳукумати ва маҳаллий суғурта компаниялари билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Хусусан, боғбонларни иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатар ва табиий офат оқибатларидан ҳимоя қилиш мақсадида Суғуртани ривожлантириш форумининг (ИДФ) икки аъзоси ҳисобланган дунёдаги етакчи Europa Re ва Swiss Re қайта суғурта компаниялари ҳамда иккита маҳаллий суғурта компанияларидан бири бўлмиш “Ўзагросуғурта” АЖ билан ўзбек фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги суғуртаси маҳсулотини ишлаб чиқиш устида ишламоқда.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёрдамида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу лойиҳанинг амалга оширилишида яқиндан ҳамкорлик қилади.
InsuResilience Solutions Fund (ISF) мазкур лойиҳани ҳамкорликда молиялаштиради ва мамлакатимиз бўйлаб иқтисодий ўсиш ва салоҳиятни оширишга ёрдам беради. Ушбу лойиҳа Германия ҳукумати, Суғуртани ривожлантириш форуми (IDF) ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида давлат-хусусий шериклиги асосида Глобал уч томонлама имзоланган шартномага мувофиқ иқлим ўзгариши кузатиладиган мамлакатлар учун хавфларни бошқаришнинг ечимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Лойиҳанинг дастлабки йилида суғурта маҳсулотлари Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида синовдан ўтказилади. Келгуси йилларда мева-сабзавотларнинг қўшимча турларини қўшиш ҳисобига лойиҳа қамрови кенгайтирилади.
Деҳқон ва фермерларнинг зарарларини қоплашга асосланган ушбу лойиҳа асосида малакали мутахассислар томонидан ҳақиқий ҳосил йўқотишлари баҳоланиб, суғурта товонлари тўлаб борилади. Ушбу ёндашув фермерлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини хавф-хатарлардан ҳимоялаш борасидаги билим ва кўникмаларни бойитишга хизмат қилади.






