Бухоронинг Ғиждувон шашлиги географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтгани (патентлангани) ҳақида хабар берган эдик. Унда Туман ҳокими энди ким бу номдаги шашликни пиширмоқчи бўлса, ҳокимиятдан рухсат олиб, тўлов қилиши кераклигини айтганди. Адлия вазирлигининг Darakchi.uz'га маълум қилишича, бунинг учун ҳеч қандай рухсат ва тўлов шарт эмас, ҳоким ҳазиллашган бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, вилоятда биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғиждувон тумани ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Гувоҳнома вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Баҳронов томонидан Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуровга топширилди.
Маълумот учун, товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб аталиб, унда товарнинг сифати, ном қозонгани ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.






