Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш ҳақида сўз юритар экан, ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам тўлиқ ўзгаришини қайд этди.
Ҳар йили мактабларда 8 минг ўқитувчи ишга қабул қилинади, янги мактаблар ҳисобига яна шунча ўқитувчига эҳтиёж пайдо бўлади.
Бундан буён ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида бўлади. Илк бор қабул қилинган номзодлар 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлайди ва йил якуни билан касбий сертификат олиши лозим бўлади.
Келгусида бу тизим барча ўқитувчилар учун босқичма-босқич жорий қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Сингапур ва Бирлашган Араб Амирлиги тажрибаси асосида педагог кадрларга касбий сертификат бериш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, эндиликда ўқитувчиларнинг малакаси табақалашган ҳолда оширилади.
Яъни, малака оширишдан олдин ўқитувчининг билими диагностикадан ўтказилади ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланади.
Бунда муаллимнинг билим кўрсаткичлари баҳоланади ва паст натижа олганлари бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация (эътироз) юборилади.
Бу натижалар педагогик олийгоҳлар фаолиятига учун ҳам баҳо бўлади. Паст натижа кўрсатган ўқитувчилар анъанавий усулда, юқори натижага эришганлари онлайн шаклда малака оширади.
Вилоят ҳокимларига 14 та малака ошириш марказини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиб, амалий ишларни бошлаш топширилди. Йил якунигача ҳудудий марказлар бошқарувига хорижий мутахассислар олиб келинади.
28.08.2023 17:59
Эндиликда ўқитувчилар ишга танлов асосида қабул қилинади






