“Dа Afghanistan Breshna Sherkat” (DABS) энергетика компанияси Туркманистоннинг “Туркменэнерго” давлат корпорацияси билан Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида энергетика лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома тузди. Бу ҳақда Афғонистон энергетика компанияси хабар берди.
Хабарда айтилишича, музокаралар чоғида “Нур-ул-Жеҳад” подстанциясининг электр таъминотини 110 киловолтдан 220 киловолтгача кенгайтириш лойиҳаси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
“Асосий эътибор лойиҳавий тадқиқотлар, ҳужжатларни тайёрлаш, хавфсизлик, суғурта ва бошқа техник жиҳатларга қаратилди. Пудратчига керакли ҳужжатларни тайёрлаш учун вақт берилди”, — дейилади DABS баёнотида.
Маълумот учун, Афғонистон электр энергиясининг 80 фоиздан ортиғини Марказий Осиё ва Эрондан импорт қилади. Яқин вақтгача унинг эҳтиёжларининг деярли ярми Ўзбекистон томонидан таъминланар эди, энди у саноат юксалиши туфайли ички истеъмолга йўналтирилган.






