Сариосиёдаги 29-мактаб директори Умида Турсунова вилоят ҳокими билан жанжаллашгандан сўнг қамалган эди. Кейинчалик Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳолатга муносабат билдириб, уни маъмурий қамоқ жазосидан озод қилинганини ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилди.
Бугун Олий суд матбуот котиби Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2023 йил 26 июлдаги қарори билан У. Турсунова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мактаб директорига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқубузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) 2-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги қарорига мувофиқ У. Турсуновага нисбатан жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан 2023 йил 26 июлда чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.
Судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 1 августдаги ажримига кўра, У. Турсуновага нисбатан биринчи ва апелляция инстанция судлари чиқарган қарорлари ўзгартирилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
"Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-25-моддаси (ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриш) талаби бўйича кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протест кассация инстанцияси судининг ажрими чиқарилган кундан эътиборан олти ойлик муддатда келтирилиши мумкин", дейди матбуот котиби.






