7-11 август кунлари Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Ёшлар туризми” II халқаро қурултойи бўлиб ўтади.
Тадбирда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия каби давлатлар, шунингдек, Қашқадарё билан биродарлашган вилоят ва шаҳарлар ёшлари иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро қурултойга Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан 50 дан ортиқ иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, жумладан ногиронлиги бўлган ёшлар ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ўқувчи ва талабалар ҳам жалб қилинган.
Беш кун давомида меҳмонларни бири биридан қизиқарли тадбирлар кутмоқда. Танлов, мусобақа, тақдимот, учрашув, акция, лойиҳа ҳамда китобхонлик куни, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий-кўнгилочар, ёшлар учун бизнесни ташкил қилиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича давра суҳбатлари, ёшлар билан таниқли театр ва кино ижодкорларининг ижодий мулоқотлари, Ўзбекистондаги дипломатик миссия вакиллари билан иштирокчиларнинг учрашувлари каби қатор тадбирлар шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, тадбир давлатимиз раҳбарининг “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшлар ва жамоалар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишади.
Шу билан бирга, II халқаро ёшлар қурултойи иштирокчиларининг ҳар бирига Туризм қўмитасининг махсус сертификатлари топширилади.
Маълумот учун, 2022 йилда Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида I Халқаро “Ёшлар туризми” қурултойини бўлиб ўтган эди.






