Блогер Олимжон Ҳайдаров товламачиликда айбланиб қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Олий суд Матбуот котибининг маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2023 йил 29 июлдаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Шундай қилиб, судга шаҳар прокурори томонидан киритилган илтимосномага кўра, блогер Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида қамоқда ушлаб турилибди.
Маълумот ўрнида: Олимжон Ҳайдаров 1989 йилда Россияда туғилган, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Муқаддам судланмаган.






