Тошкент шаҳар ИИББга тез тиббий ёрдам шифокоридан хабар келиб тушган. Унда айтилишича, Шайхонтоҳур тумани Ибн Сино мавзесида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида беш нафарга яқин вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бераётганлиги, ўқитувчиси болаларни калтаклаётганлиги айтилган. Шунингдек, калтакланган ўқувчилардан бири қочмоқчи бўлиб электр узайтиргич симига осилиб, 5-қаватдан ўзини ташлаганлиги ҳамда жароҳат олиб кўплаб синиш ва чиқишлар мавжудлигини маълум қилган.
Мазкур хабар юзасидан ўтказилган дастлабки, тезкор-суриштирув ишлари давомида 1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаган Юсуф исмли шахс жорий йил 1 июль кунидан бошлаб вақтинчалик яшаш манзилида ҳар бир боладан 200 минг сўм пул эвазига ҳужра ташкил қилиб, 4 нафар вояга етмаган болаларга диний сабоқ бериб келаётганлиги аниқланган. Ҳужрадан 14 дона араб тилида ёзилган, нашриёти номаълум бўлган диний адабиётлар холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.
Юсуф исмли шахс болаларни доимий равишда калтаклаб келганлиги аниқланган.
"Мен ўзи кўчада таксистлик қилиб юрардим. Урган бўлсак агар тушуниб етдик уриш мумкинмас экан. Умуман бу ҳолатда ҳукуматимизданам узр сўрайман", - дейди Юсуф.






