Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида электробус ҳайдовчиси кескин тормоз бергани оқибатида йўловчилардан бири йиқилиб, шифохонага олиб кетилди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати xaбар берди.
Унга кўра, ҳолат 24 июль куни соат 17:20 да, “1-Автобус саройи” филиали ҳайдовчиси Ютонг русумли электробусни 28-йўналишда Шайхонтоҳур тумани, А.Навоий кўчасида махсус А йўлак бўйлаб бошқариб бораётган вақтда содир бўлган. Электробуснинг чап тарафида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузиб, йўлнинг 2-қатнов қисмидан ҳаракатини кескин ўнгга буриб, хавфли ҳолатни келтириб чиқарган.
Nexiа-3'нинг ушбу кескин хатти-ҳаракати (монёври) натижасида бўладиган йўл-транспорт ҳодисасини олдини олиш мақсадида, электробус ҳайдовчиси А.Д. кескин тормоз олишга мажбур бўлган. Натижада электробус салонида тик турган ҳолда кетаётган йўловчилардан бири (шахси ҳозирча маълум эмас) йиқилган.
Йўловчига тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида, тез ёрдам чақирилган ва электробус чиптачиси ҳамрохлигида йўловчи шиифохонага олиб кетилган.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган бўлиб, хизмат суриштируви ўтказилмоқда.






