Бугун, 21 июль куни ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Денов туманида ўтказилган йиғилишда фермерлардан бирини қамоққа олиш бўйича топшириқ бергани ҳақида видео тарқалди.
Эълон қилинган материал юзасидан вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати маълуот берди.
"Видео материалда 2023 йилнинг 4 июль куни Денов туманининг “Ҳазорбоғ” ҳудудида қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишлаб соҳа мутасаддилари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилиш акс этган.
Унда вилоят ҳокими тумандаги айрим фермер хўжаликлари пахта далаларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, ажратилган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини танқид қилиб, мутасаддиларга мавжуд ҳолатларни ўрганиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо бериш топшириғини берган" дейилади хабарда.
Йиғилишдан сўнг эса хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш айтилган фермер хўжаликлари раҳбарларига камчиликларини тўғирлаш учун имкон берилган ва мавжуд муаммолар қисқа муддатда бартараф этилган. Ҳеч қайси фермер хўжалиги раҳбари қамоққа олинмаган.






