АсосийJamiyat

Шавкат Мирзиёев қолган Президентлик муддатидан воз кечаётганининг сабабларини тушунтирди

'Шавкат Мирзиёев қолган Президентлик муддатидан воз кечаётганининг сабабларини тушунтирди'ning rasmi

Янгиланган Конституциянинг 128-моддасида мамлакат Президентига берилган ваколатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари иккинчи муҳим фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, юртимизда муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилади.

"Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман?

Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда.  

Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.

Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда.

Тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар, барчангиз кўриб турибсиз, олдимизга бугун янада улкан марралар қўймоқдамиз.

Бундан буён ҳам, давлат ва жамият ҳаёти, бугунги ва келгуси тараққиётига оид ҳар бир масала бўйича фақат ва фақат сизлар, донишманд, бағрикенг халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб борамиз.  

Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган.

Шу нуқтаи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ.

Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади", - деди Президент.

Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди.

Учрашув якунида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди.

    Бошқа янгиликлар