1 май куни соат 01:40 ларда номаълум шахс Нукус шаҳри Ғайри нағыс кўчасида жойлашган 39 ёшли Х.Р.га тегишли қурилиши тугалланмаган уй гаражи ойнасини синдириб, кириб “Trailblazer” автомашинасини олиб қочиб кетган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлар натижасида жабрланувчига тегишли бўлган “Trailblazer” русумли автомашина, номаълум шахс томонидан Нукус тумани ҳудудидаги йўл четидаги дарахтга урилиб, ағдарилган ҳолда топилган.
Ҳодиса содир бўлган жойида автомашинада бўлган номаълум шахс қўлга олиниб, унинг шахсига аниқлик киритилганда, у муқаддам судланган 31 ёшли М.А. эканлиги ва у ўта маст ҳолдалиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан М.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 2-қисми “г” банди (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
"Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда" дейилади хабарда.






