Украина президенти Владимир Зеленский пиротехника ва салютларни тақиқловчи қонунни имзолади. Шунингдек, қонунда дам олиш кунлари тунги мусиқа ва хонадонларда таъмирлаш ишларини тақиқлаш ҳам назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, феерверклардан фойдаланиш ва сотиш тақиқланади. Ушбу нормалар қонун эълон қилинганидан кейин кучга киради.
Бундан ташқари, олти ой ичида Украинада шовқинни камайтириш стандартлари кучга киради.
Шунингдек, қўриқланадиган объектларда соат 22:00 дан 08:00 гача баланд овозда қўшиқ айтиш ва бақириш, овозни қайтарувчи ускуналар ва бошқа маиший шовқин манбаларидан фойдаланиш, пиротехника воситаларидан фойдаланиш тақиқланади. Шовқин билан кечадиган таъмирлаш ишлари иш кунларида соат 21:00 дан 08:00 гача, байрам ва ишламайдиган кунларда эса кечаю кундуз тақиқланади.






