АсосийJamiyat

Бухорода солиқчи ва "ГАИ" ходимлари жанжаллашди (видео)

'Бухорода солиқчи ва "ГАИ" ходимлари жанжаллашди (видео)'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Олот тумани "ГАИ" ходими ва солиқчининг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видео тарқалди.

Вилоят ИИБнинг видеодаги ҳолатни аниқланишича,  22 апрель куни соат 16:00 ларда, Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 5-сафарбар гуруҳ ЙПХ инспекторлари катта сержант Ж.С. ҳамда сафдор К.Б. лар ўзларининг хизмат ҳудуди ҳисобланган, туман марказидаги Маърифат кўчасида хизмат олиб борган. Ўша пайтда “Нексия” русумли автомашинани бошқариб келаётган фуқаро Ф.Ж. кўчани кесиб ўтувчи йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиқ (бардюр)қа бориб урилиб шикаст етказганлиги ҳолатига гувоҳ бўлишган ва ушбу ҳолатни расмийлаштириш мақсадида ҳодиса жойига зудлик билан етиб келишган.

Шу вақтда мазкур ҳолатга умуман алоқаси ва даҳлдорлиги бўлмаган 1993 йилда туғилган, Бухоро вилояти Давлат Солиқ бошқармаси Қоракўл тумани бўлими маъмурий амалиёт юристи, Олот тумани “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи Н.Ў. ҳодиса жойига етиб келиб, ҳеч бир сабабсиз ҳолатни расмийлаштираётган ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, куч ишлатиб, турли даражадаги тан жароҳатларини етказган.

Мазкур ҳодиса натижасида катта сержант С.Ж. нинг “ўнг қўл 4-5 бармоқларида ҳамда ўнг қўл тирсак соҳасида шилинма”, сафдор Б.К. нинг эса “бўйин соҳасида шилинма” каби "соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил шикаст" тоифасига кирувчи тан жароҳатлари етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат содир бўлган вақтда катта сержант С.Ж. ҳамда сафдор Б.К.лар ҳушёр ҳолда, хизмат вақти ҳамда хизмат кийимида  бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Олот тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 219-моддасига кўра ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

 

    Бошқа янгиликлар