АсосийJamiyat

11 ноябрь ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшиляпти

'11 ноябрь ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшиляпти'ning rasmi

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг иқтисодиётини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда у ерда инвестициявий жозибадорликни ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси ҳам том маънода юқоридаги мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари билан тўлаши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2022 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар бўлган даврда консуллик йиғимини тўлашдан озод қилиш каби яна қатор имтиёзлар назарда тутиляпти.

Депутатлар қонун лойиҳасининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори эканини алоҳида таъкидлаб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш назарда тутиляпти, — дейди парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов. — Яъни, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшиш белгиланмоқда. Шу жиҳатдан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кўплаб саволлар ўртага ташланди ва уларга батафсил жавоблар олинди. Қизғин кечган бахс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар