Ўзбекистон Адлия вазирлигига 2023 йилнинг биринчи чораги давомида 355 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 59 таси қонун ҳужжатлари, 101 таси президент ҳужжатлари, 195 таси эса ҳукумат қарори лойиҳалари ҳисобланади. Биринчи чоракда келиб тушган 355 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларининг 312 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.
Улардан 187 та ҳужжат лойиҳасининг (60 фоизга яқин) ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича ижобий хулоса берилган. 125 та ҳужжат лойиҳаси амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва юридик техника қоидаларига зид эканлиги, коррупсиявий омиллар мавжудлиги ва бошқа эътирозлар билан, шунингдек, яна 43 та лойиҳа регламент талабларига риоя қилинмагани боис ишлаб чиқувчиларга қайтарилган.
Адлия вазирлиги томонидан коррупсияга қарши экспертизадан ўтказилган лойиҳаларнинг 52 тасида 82 та коррупсиявий омил аниқланган.
Хусусан, аниқланган коррупсиявий омилларнинг:
- 5 таси нормалар барқарорлиги ва ҳуқуқий мувофиқлиги билан боғлиқ;
- 39 таси (48 фоиз) ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ;
- 38 таси (46 фоиз) маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ коррупсиявий омиллар ҳисобланади.
Ҳудудий адлия органларига 2023 йил биринчи чораги давомида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 866 норматив тусдаги қарор лойиҳалари келиб тушган бўлиб, уларнинг 477 тасига эътирозларсиз розилик хулосаси берилган.
142 тасига эътирозлар билан розилик хулосаси берилган, 46 таси эса қонунчилик ҳужжатларига номувофиқлиги сабабли қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган, 213 таси белгиланган талабларга риоя этилмай тақдим этилгани сабабли ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қайтарилган.






