Айни пайтда Бишкекда ўтказилаётган Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес форуми давомида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия билан газ импорти масаласида тузилган “йўл харитаси” бўйича журналистлар саволига жавоб берди.
“Бу Россиядан табиий газни импорт қилиш бўйича чора-тадбирларни кўзда тутувчи йўл харитаси ҳисобланади. Яъни техник шартларни ўрганамиз, кейин техник имкониятлардан келиб чиқиб, тижорий нархлар бўйича келишсак, Россиядан газ импорт қилиш кўзда тутилади”, деган Мирзамаҳмудов.
Шунингдек, у журналистнинг Россиядан импорт қилинадиган газ қайси йўналишларга йўналтирилиши ҳақидаги саволига вазир “газ қувурга киргандан кейин ҳамма истеъмолчиларга — аҳолига ҳам, барча ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам тарқатамиз.
Кеча журналистларга тушунтириш бердик, асосий мазмунини ҳам кўрсатдик, у ерда умуман газ транспорт тизимини хусусийлаштириш ёки бошқарувга бериш деган гап йўқ. Аввал ҳам, масалан, Туркманистондан Хитойга кетадиган газни айтганман, Ўзбекистон, Туркманистон, Хитой, Қозоғистон ҳудудида координацион қўмита бор, техник имкониятларнинг ҳаммасини биргаликда ўрганиб чиқади”, дея таъкидлаган Энергетика вазири.






