Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги устахонада содир бўлган портлашда 2 киши вафот этди. Бу ҳақда “darakchi.uz” манбаси хабар қилди.
Портлаш 2023 йил 24 январь куни соат 19:27ларда "Султонровот" МФЙ, Ниҳол кўчаси 1-уйдаги устахонада содир бўлган. 1989 йилда туғилган устахона эгаси Ш.К "EVRO GLOBAL" МЧЖга қарашли "МАН" русумли юк автомобилининг ёқилги бакини пайвандламоқчи бўлган. Пайвандлаш вақтида портлаш содир бўлиб, оқибатда 4 киши куйиш жароҳати билан шифохонага олиб борилган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 34 ёшли уста Ш.К ва унинг 1994 йилда туғилган укаси вафот этган. 1989 йилда туғилган ҳайдовчи И.А, 1992 йилда туғилган О.Алар 40 фоиз куйиш жароҳати билан шифохонада даволанишмоқда.
Чақнаш оқибатида устахонанинг 15 кв.м. майдони ёнган. Ёнғин 2 та ёнғин-қутқарув экипажи томонидан ўчирилган.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан дастлабки терговга қадар текширув ўтказилмоқда.






