АсосийJamiyat

Шавкат Мирзиёев Туркия, Туркманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашди

'Шавкат Мирзиёев Туркия, Туркманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар бермоқда.

Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Чавушўғли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Давлатимиз раҳбари олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, ўтган йилда 370 та янги қўшма корхона ташкил этилди. Икки мамлакат ўртасидаги авиаташувлар сони кўпаймоқда.

Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида, шу жумладан саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Кўп томонлама тузилмалар, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Президент ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Вазир Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Халқ Маслаҳати Раиси, Миллат Етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда 2022 йилнинг 14-15 июль кунларидаги Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва 21-22 октябрь кунларидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистонга расмий ташрифи давомида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида қатор қўшма тадбирлар – Ҳукуматлараро комиссия, Сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишлари, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, маданий ва бошқа тадбирлар ўтказилиши таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамовни ҳам қабул қилди.

Суҳбат аввалида Озарбайжон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва тилакларини етказди.

Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро савдонинг ошиб бораётгани, автомобиллар ишлаб чиқариш, пахта-тўқимачилик ва ипакчилик кластерларини ташкил этиш борасидаги кооперация лойиҳаларининг бориши мамнуният билан қайд этилди.

Бундан ташқари, нефть-газ ва кимё саноати бўйича йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Қўшма инвестиция фонди ташкил этилмоқда.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

    Бошқа янгиликлар