Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг берган хабарга кўра, куни-кеча вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида вилоят штабининг навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, ушбу йиғилишда ҳозирги кунда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган, автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларида юзага келган узун навбатлар, ёқилғи эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб бериламаётганлиги ва бу борада масъулларнинг фаолияти таҳлил қилинган.
Шунингдек, АЁҚШларда бензин сотувини тўғри ташкил қилмаганлиги, назорат ўрнатмаганлиги учун вилоят Департамент, Солиқ бошқармаси бошлиғи ва вилоят Нефт-газ инспекцияси раҳбари расман огоҳлантирилди. Термиз нефть-база раҳбарига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси тайинланди. Масъулларга вилоятдаги барча АЁҚШларда бензин сотилишини тўғри йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудга тўғри тақсимлаш, навбатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Қизириқ туманида ўтказилган ўрганишларда марказий деҳқон бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркасини тўғри йўлга қўймаганлиги учун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари фаолиятини ўрганиб, лавозимига лойиқлик масаласини кўриб чиқиш, туман Департаменти бошлиғига чора кўриш бўйича топшириқлар берилди. Ушбу топшириқлар бўйича эртага ўтказиладиган штаб йиғилишига маълумот киритилиши лозимлиги белгиланди.
Ҳудуд раҳбарларига арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаларида ҳар бир килограм картошка 3 500 сўм, гўшт 60 000 сўм, пиёз 4 500 сўмдан сотилишини таъминлаш, кичик туманлар кунига 5 тонна, катта шаҳар ва туманлар 10 тоннагача маҳсулотларни савдо ярмаркаларига чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
Термиз туманида ободонлаштириш, йўл бўйларини тозалаш, шунингдек қишлоқ хўжалигида белгиланган вазифаларнинг ижроси қониқарсиз ташкил қилинганлиги учун Термиз тумани ҳокимига расман огоҳлантириш берилди ва туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Термиз шаҳрида олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ва чиқиндилардан тозалаш ишларини бир кун муддатда якунига етказиш бўйича шаҳар раҳбарларига топшириқ берилди.
Бундан ташқари бугун Жарқўрғон туманида ўтказилган ўрганишлар давомида мактабда кимё фанидан тўгарак ўтаётган ўқитувчининг фаолияти яхши баҳоланди. Ўқитувчи томонидан ўқувчиларни тўгаракка яхши жалб қилинганлиги сабабли ўқувчилар ҳар куни билим олиш учун мактабга келишади. Вилоят ҳокими билан суҳбатда ўқувчилар келгусида кимё фанини чуқур ўзлаштириб, шифокор бўлишмоқчилигини айтишди. Ўқитувчига фанини яхши ўқитаётганлиги учун вилоят ҳокимининг совғасини етказиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Шунингдек, муҳокама йиғилишида вилоятда ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси ҳам таҳлил қилинди. Берилган ҳар бир топшириқ ижроси қатъий назорат остида эканлиги, топшириқларни бажармаган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди, дейилади хабарда.






