АсосийJamiyat

Тошкентдаги кўп қаватли уйларда иссиқ сув ҳарорати уч кунга пасайтирилади

'Тошкентдаги кўп қаватли уйларда иссиқ сув ҳарорати уч кунга пасайтирилади'ning rasmi

Тошкент шаҳри ҳокимлиги аҳолига мурожаат қилиб, электр тизимига юкламани пасайтириш ва марказлашган иссиқлик тизимида ҳароратни кўтариш учун кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳарорат уч кун давомида пасайтирилишини маълум қилди.

Таъкидланишича, хонадонларга етказиб берилаётган иссиқ сув таминоти ҳамда иситиш тизимида ҳароратнинг сезиларли даражада пасайиб кетишига ҳаво-ҳароратининг кескин пасайши оқибатида иссиқлик станцияларига узатилаётган табиий газ босимининг пасайиб кетиши сабаб бўлган.

Бунинг натижасида ўз хонадонларини иситиш мақсадида фуқаролар қўшимча электр мосламалардан фойдаланиши, ўз навбатида трансформатор станциялари ва узатиш симларида нормадан ортиқча юкламани вужудга келтирган.  Бунинг оқибатида эса, охирги кунларда трансформаторлар ва симларда портлаш, ёниб кетиш каби авариялар сони кунлик ўн баробаридан ошиб кетган.

"Шунга кўра, электр тизимига юкламани пасайтириш, ҳамда марказлашган иссиқлик тизими (отопление)да ҳароратни кўтариш мақсадида, энг камида, уч кун давомида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳароратни вақтинча пасайтиришга мажбурмиз. Бунда сувни иситишга сарфланаётган табиий газ иссиқлик тизими (отопление)га йўналтирилади.

Вазиятни шаҳримиз фуқаролари тўғри баҳолашларига умид қиламиз ва келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз", - дейилади хабарда.

 

Шунингдек, пойтахт аҳолисидан уйларидаги энг зарур хоналарни иситиш ва ёритишдан ташқари энергия сарфини имкон қадар камайтириш илтимос қилинмоқда.

 

    Бошқа янгиликлар