Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Бутунроссия Давлат Кинематография институти (ВГИК) филиали томонидан "Сергей Безруков БДКИ Тошкент филиалида дарс беради” деган хабарлар тарқалди. Мазкур хабар ортидан Кинематография агентлигига ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, кино мухлислар томонидан бир қатор саволлар келиб тушмоқда.
БДКИнинг Тошкент шаҳар филиали директори Элдар Йўлдошевнинг агентлик матбуот хизматига берган маълумотига кўра, Бутунроссия Давлат Кинематография институти (ВГИК) тизимидаги барча филиалларда Сергей Безруковнинг актёрлик устахоналари очилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Тошкент филиалида ҳам мазкур устахонани очиш устида Москвадаги бош ректорат томонидан иш олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур устахонани Тошкентда очиш юзасидан филиал ҳамда Сергей Безруков ўртасида бугунга келиб ҳеч қандай қонуний ҳужжат имзоланмаган.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бутунроссия Давлат Кинематография институти (ВГИК) Тошкент филиалининг талабаларга сифатли таълим бериш, уларга дунё кинематографиясининг энг тажрибали, таниқли ижодкорларидан маҳорат дарслари олиш имконини берувчи барча лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, амалий ёрдам бериб келмоқда.
Қайд этилишича, 2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистонлик талабалар учун нафақат россиялик кинематографчилар, балки 70 га яқин давлатлардан келган кино усталари билан турли мавзуларда маърузалар ва маҳорат дарслари, хорижий мутахассислар билан ижодий учрашувлар ташкил этилган.
Маълумот учун: 2021-2022 ўқув йилида франциялик кинорежиссёр Люк Бессон, англиялик инвестор Мартин Смит, польшалик кинорежиссёр Кшиштоф Занусси, германиялик актёр Маттиас Хьюз, ҳинд кинорежиссёри Фарук Кабир, япониялик актриса Минами, кореялик продюсер, IOVASIA директори Мун Хён Сук, англиялик профессор, Ижодий ва маданий тадбиркорлик институти директори Джеральд Лидстоун, Тожикистон халқ артисти Муҳаммад-Али Махмадов, Даниянинг “Danmon Group” ва Германиянинг “Arri Group” компанияси мутахассислари иштирокида шундай маҳорат дарслари бўлиб ўтган.
"Сергей Безруков билан боғлиқ ижтимоий тармоқ хабарларида Республика кинематография агентлиги ва маъмуриятининг позицияларини нотўғри талқин қилган ҳолда, агентлик асосан россиялик киноижодкорлар билан ҳамкорлик қилаётгани иддао қилинган. Масалани чуқур ўрганмасдан туриб, бир томонлама ёндошув асосида тайёрланган бу каби иддаоларни тўлиқ рад этамиз. Дарҳақиқат, Кинематография агентлиги Россия томони билан 2022 йилда 4 та кинолойиҳани амалга оширди. Шу билан бирга Кинематография агентлиги айни пайтда нафақат Россия, балки дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатлари - АҚШ, Буюк Британия, Италия, Ҳиндистон, Туркия, Белоруссия, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон, Исроил, Тожикистон, Озарбайжон каби давлат киноматографчилари билан ҳам турли жанр ва мавзуларда фильмлар суратга олиш бўйича яқин ҳамкорлик қилмоқда", дейилади баёнотда.
ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлардан соҳага доир саволлар, мулоҳазалар ёки баъзи бир маълумотлар зарур бўлса, агентлик матбуот хизматига мурожаат қилишлари сўралмоқда.






