АсосийJamiyat

Мактаб дарсликлари энди доимий бепул бўлади - ХТВ

'Мактаб дарсликлари энди доимий бепул бўлади - ХТВ'ning rasmi

Айни пайтда АОКАда Халқ таълими вазирлиги фаолияти билан боғлиқ кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган долзарб масалалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Darakchi.uz мухбири Сардорбек Раҳмонқулов мактаб дарсликлари ижарасининг бекор қилиниши кейинги йилларда ҳам тизимли йўлга қўйилиши билан қизиқди.     

Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комиловнинг таъкидлашича, "Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунга кўра, китоб жамғармаси бюджети тасдиқланган.  Унга кўра, 2022 йилда китоб чоп этиш учун 1,1 трлн сўм кўзда тутилган. Шундан 605 млрд сўм давлат бюджетидан йўналтирилади, қолгани Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

" Қонунчиликка кўра, ушбу Жамғарма маблағлари ижара тушумларидан шаклланиши белгиланган. Жорий йилда 500 млрд сўм ижара тушумидан қопланиши керак эди.

Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, аҳолига енгиллик яратишга қаратилган эзгу ғоялари асосида бу йил дарсликлар бепул бўлди. Бу нима дегани? Яъни, ижара тушумидан шаклланиши — ота-оналар тўлаши керак бўлган 500 млрд сўмга яқин пул давлат бюджетидан тўлаб берилади.

Мактаб дарсликлари ҳар йил учун бепул бўлади", – деди вазир ўринбосари.

Мутахассисларнинг қайд этишларича, мактаб дарсликлари ижарасини доимий текин қилиш бўйича механизмлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022/2023 ўқув йилига мактаб дарсликлари тўплами учун ижара тўловининг оширилган миқдори кенг жамоатчилик, ота-оналар томонидан кескин танқидга учради.

Бундан хабар топган Президент Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.

 

    Бошқа янгиликлар