Ижтимоий тармоқларда 15 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга олий тоифали педагогларнинг жорий йил ўтказилган аттестация жараёнларида иштирок этмаганлиги натижасида мавжуд малака тоифасини йўқотганлигига доир хабарлар тарқалмоқда.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг Darakchi.uz'га изоҳ беришича, бу нотўғри талқин ва айни борада хавотирга асло ўрин йўқ.
"Азиз устозлар!
Ҳавотирга ўрин йўқ! Халқ таълими вазири сифатида шуни алоҳида таъкидлаб ўтаманки, жорий йил март-май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолинади.
Шунингдек, албатта, ушбу тоифадаги педагог ходимларимизнинг ойлик иш ҳақлари олий малака тоифага тегишли лавозим окладидан тўланади",-дейди у.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги берган расмий хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сонли қарорига киритилган тегишли ўзгартиришга кўра, олий малака тоифа (бош ўқитувчи лавозими)га эга бўлганидан сўнг олий малака тоифани 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмаслиги белгиланган.
Жорий йил март-май ойларида малака тоифаси олиш учун ўтказилган аттестация даврида амалда бўлган тартибга асосан, 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифага эга педагогларнинг аттестациядан ўтиши мажбурий бўлмаган ва уларнинг олий тоифа малакаси умрбод сақлаб қолиниши белгиланган.






