Бугун Тошкентнинг қатор кўчалари электрдан узилиб қолди. Энергетика вазирлиги хабари кўра, Яшнобод туманидаги подстанцияда носозлик юзага келди. Шундан сўнг вазир ўринбосари Шерзод Ходжаев зудлик билан носозлик бартараф этилаётган жойга етиб борган.
Қайд этилишича, носозлик юз берган мазкур "Ҳосилот" подстанцияси Миробод туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.
Бунинг натижасида, Миробод туманининг Фитрат, Янги Замон, Иноқобод, Файзабод, Эски Отчопар ва Оқбилол кўчаларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилган.
"Ҳозирда аварияга қарши махсус бригада томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз",-дейилган хабарда.






