Бироз аввал ижтимоий тармоқларда Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини 2 кун машинасида сақлаб юргани ҳақида тарқалган хабарни берган эдик.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Тошкентда эркак хотинини ўлдириб, унинг жасадини икки кундан буён машинада олиб юргани айтилган ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 9 июнь куни Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида яшовчи 35 ёшли Ж.Д. (аёл) эрта саҳардан кучли бош оғриғи ҳамда тўхтовсиз қайд қилиш оқибатида турмуш ўртоғи Х.О. тез ёрдамга мурожаат қилган. Тиббиёт масканида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан аёл шу куни соат 09:45 вафот этган.
Ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлга «чап тухумдон кистаси, ички кон йўқотиш, тухумдон ва бачадон ташқи ҳомиласи, ички қон йўқотиш, ички аъзолари кам қонлиги» ташхиси қўйилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирда аёл мурдасини турмуш ўртоғи томонидан моргдан уйига қайтариб олиб келган ҳолати қайд этилган.
«Нотўғри ахборот тарқатиш юзасидан ижтимоий тармоқларда юзага келган шов-шувнинг натижалари юзасидан эса, тегишли жамоатчилик вакиллари ўзига хулоса чиқаради деган умиддамиз», — дейилади ИИВ муносабатида.
Шунингдек, ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилди.
Бош Прокуратура Матбуот хизматининг хабар беришича, эр турмуш ўртоғининг мурдасини 2 кун мобайнида автомашинасида олиб юрганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.
"Ҳозирда комиссиявий судга оид тиббиёт экспертизаси ўтказилмоқда.
Текшириш ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган" дейилади хабарда.






