Шу йил 9 сентябрдан кучга кирадиган “Реклама тўғрисида”ги янги Қонуннинг 35-моддасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларн ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси бўйича тартиблар белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қонунга кўра, бу маҳсулотларнинг рекламасида:
- “улар дори воситалари ҳисобланади” ёки “даволаш хоссаларига эга” деган таассурот уйғотилмаслиги;
- қўллаш натижасида одамлар даволанганига, аҳволи яхшиланганига доир муайян ҳолатлар мисол келтирилмаслиги;
- уларни қўллаган жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорлик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
- соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
- биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалар бўйича тадқиқотлар ўтказилгани ҳамда давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги фактларни ҳаволалар қилиш, шунингдек, улардан тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзаллиги ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
- вояга етмаганлар истеъмол қилиши тақиқланган биологик фаол қўшимчалар рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.
️Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида уларнинг дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш берилиши шарт.
Бундай маҳсулотлар рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш ҳам мумкин эмас.
Мазкур Қонуннинг 36-моддаси билан эса она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламаси ҳам тақиқланди.






