Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги "UzAssets" инвестиция компанияси"АЖнинг “Ўзбекистон шампани” AЖ устав капиталидаги 51,48 фоиз акциялар пакетини сотиш учун 2021 йил 9 июль куни ўтказилган танловда энг мақбул бўлган таклифни билдирган талабгор ғолиб бўлган.
Бироқ, мазкур танлов ғолиби томонидан тегишли олди-сотди шартномаси имзоланмаганлиги сабаб Давлат тендер комиссиясининг тегишли қарорига асосан, дастлабки савдо жараёнлари натижаларини бекор қилиш ва савдо жараёнларини қайтадан бошлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.
Юқоридагиларга кўра, UzAssets “Ўзбекистон шампани” AЖ устав капиталидаги 51,48 фоиз акциялар пакетини рақобатга асосланган сотув жараёни орқали сотиш жараёнини давом эттириш режасини эълон қилди.
Маълумот учун: “Ўзбекистон шампани” AЖ Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, 1942 йилда ишга туширилган. Компаниянинг асосий фаолият тури шампан ва бошқа газланган шароб ичимликларини ишлаб чиқариш, шунингдек шароб материалларига ишлов беришдан иборат. 2021 йил якунига кўра, компаниянинг соф тушуми 65,6 млрд сўмни, соф фойдаси 2,0 млрд сўмни ҳамда соф активи 12,0 млрд сўмни ташкил этган.






