Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Сурия президенти Башар ал-Асад сентябрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида учрашиши рад этилди. Бу ҳақда «TRT World» хабар берди.
Раддия Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли томонидан эълон қилинган. У 15–16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтиши режалаштирилган саммитда Эрдўғон ва Асад ўртасида учрашув бўлишини истисно қилиб, Асаднинг тадбирга таклиф этилмаганини айтган.
У Сурияда барқарор тинчлик ўрнатилиши учун қадам ташлаш кераклигини айтиб, режимнинг мухолифатни террорист сифатида кўрмаслиги кераклигини таъкидлаган.
«Туркия бошиданоқ энг муҳим жараённинг сиёсий эканини билдирган», — дейди Чавушўғли.
Дипломат Туркия Сурияда «натижага йўналтирилган» сиёсат олиб бораётгани, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги муҳимлиги ва террор ташкилотларини ундан тозалаш зарурлигини таъкидлаган.






